Буюк Британия тажрибасини ўрганган матбуот котибларига сертификатлар топширилди

Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Буюк Британия ҳукумати вакиллари ҳамда Ўзбекистондаги вазирлик ва идоралар ахборот хизматлари раҳбарлари учун коммуникацияларни режалаштириш ва ОАВ билан ишлаш бўйича ўтказилган семинар тингловчиларига сертификатлар топширилди.



Тадбирда Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджанов, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Торлот, АОКА масъул ходимлари ҳамда юзга яқин ташкилот ва идораларнинг ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этди.



Тадбирда Ўзбекистонда ахборот сиёсатини тизимли равишда ташкил этиш ҳамда юритиш бўйича изчил саъйи-ҳаракатлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
«Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оммавий ахборот воситалари фаолиятини эркинлаштириш, журналистларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ахборот хизматлари фаолияти муҳим аҳамиятга эга, — деди Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджанов. — Очиғини айтганда, АОКА ташкил этилгунга қадар ахборот майдонида давлат органлари ва ташкилотларининг улуши ниҳоятда кам эди. Эълон қилинаётган танқидий материалларга расмий муносабатлар 10-15 фоиз атрофида эди. Бугунги кунда эса ахборот хизматларининг фаолияти кучайганлиги боис танқидий материалларнинг 86 фоизига ўз вақтида расмий муносабат билдириляпти. Бу борада эришилган ютуқларни ҳеч ким инкор эта олмайди.
Ахборот хизматлари фаолияти нима учун муҳим? Чунки оммавий ахборот воситалари ва блогерлар маълум бир соҳани эксперт ёки мутахассис даражасида ёритиб бера олмайди. Ахборот хизматлари эса вазиятни ичдан яхши билгани учун холис ахборотни тақдим этади. Биз ушбу йўналишдаги ишларни янада кучайтирамиз ва изчил давом эттирамиз. Ишончим комилки, ўтган вақт мобайнида Буюк Британия экспертлари билан ўтган семинарларимиз кўзланган натижани берди. Тингловчилар идоралараро коммуникация стратегияси мақсади ва у бизга қандай имконият ярата олиши тўғрисида аниқ тушунча ҳосил қилишди. Бундай ўқув семинарлари  Ўзбекистон ахборот хизматларининг салоҳиятини оширишга қаратилган тадбирларнинг бошланишидир».

Тадбирда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Торлот сўзга чиқди.
«Ўзбекистондаги фаолиятимда имзолаган энг биринчи ҳужжатларимдан бири — ўтган йилнинг сентябрь ойида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми бўлган эди. Бундан кўзланган мақсад — Агентлик билан ўзаро чуқур ҳамкорлик қилиш ва ҳамкорликни янги чўққиларга олиб чиқишдан иборат. Ахборот хизматларига ўтган беш ой давомида тақдим этилган маълумотлар, машғулотлар ва семинарлар Буюк Британидаги 100 йиллар давомида амалга оширилган тадқиқотларнинг ҳосиласидир. Бу Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳукумати  ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан биридир. Биз ўз билимларимизни ўзбекистонлик мутахассислар билан ўртоқлашишдан бахтиёрмиз ва бу орқали юртингизда ахборот соҳасидаги ислоҳотларга ҳисса қўша олган бўлсак, бундан хурсандмиз. Сизнинг фаолиятингиз жуда муҳим — чунки ахборот хизмати давлат органи, ОАВ ҳамда халқ ўртасидаги ўзаро кўприк вазифасини бажаради. Қолаверса, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни халққа холис ва тўғри етказишда сизнинг ўрнингиз жуда муҳим. Бу йўлда барчангизга омад тилайман».
Тадбир якунида матбуот котиблари Буюк Британиялик мутахассисларга соҳага оид инглиз тажрибаси борасидаги саволлар билан мурожаат қилдилар.
Семинарларда фаол иштирок этган 98 нафар ахборот хизмати раҳбарига сертификатлар топширилди.

 

Манба: https://www.aoka.uz/article/i9qpp76ntfdk-buk-britaniq-tazhribasini-rgangan-matbuot-kotiblariga-sertifikatlar-topshirildi


25.02.2020     951