СИРЛИ ОСМОН ТОҚИГА ИЛК ҚЎЙДИ НАРВОН, ЎЗБЕГИМ ёхуд ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД 1001 ТА ҚЎЛЁЗМАНИ ЖАМЛАГАН ЯНГИ НАШР ҚУВОНЧИ

   Буюк аждодларимиз – аллома ва мутафаккирлар математика, астрономия, физика каби аниқ фанлар, медицина, кимё, география сингари табиий фанлар, тарих, адабиёт, фалсафа ва бошқа ижтимоий фанлар, ислом дини ва илоҳиётга оид улкан илмий асарлар яратиб, жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган.

    Бугунги кунда ҳам кенг тарғиб қилинаётган маданий бойликларимиз жаҳоннинг 40 дан ортиқ мамлакатидаги турли илмий муассаса, музей, архив, кутубхона ва жамғармаларда сақланади. Шундай беқиёс бойликни юртимизга олиб келиб, ўрганиш масаласи кўндаланг турган бир пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Бу  қарор, айниқса, илм аҳлини ниҳоятда мамнун этди.

   Ўтган уч йил ичида мазкур қарор ижроси доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори, фалсафа фанлари доктори Роиқ Баҳодиров билан суҳбатлашдик.

- Бизда Шарқда архивлар, ижодкорнинг ўзи ёзган асарини ёзиш жараёнидаги қоралама нусхалар ҳақидаги маълумотлар жуда кам сақланиб қолган. Аммо Алишер Навоий билан боғлиқ жараёнда бу жиҳат кўпроқ учрайди. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, бу биз учун катта имконият. Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилган девонларининг ўн бештача қўлёзмаси айни давримизгача етиб келган. Улар сафига эндиликда Туркиядан топилган “Бадоеъ ал-бидоя” асари ҳам қўшилибди. Суҳбатимизни Марказнинг Туркияга бўлган сафари билан боғлиқ таассуротларингиз билан бошласак...

-  Алишер Навоий асарлари неча асрлар ўтса ҳамки, ҳамон долзарблигини, оҳорини йўқотмай келаётган ноёб маънавий меросимиздир. Марказимиз томонидан буюк мутафаккир шоиримизнинг  хориждаги асарлари қўлёзмаларини ўрганиш, улардан нусха олиш, факсимилесини нашрга тайёрлаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Марказ тузилишидан олдин Навоий ёки Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан алломалар ижодига оид қўлёзмаларни китоблар орқали билардик. Лекин уларнинг ўзига етиб бориш, нусха олиш, танишиш имконияти анча чекланган эди. Марказ ташкил этилгач, хориждаги илмий ташкилотлар, қўлёзма фондлари, музейлар билан ҳамкорликда ишлаб, улардаги мавжуд осори-атиқаларни ўрганишга муяссар бўляпмиз. 2019 йили Туркияга сафар қилдик ва Истанбул шаҳрида жойлашган бир неча қўлёзма фондлари, музейларда бўлдик. Уларда Ўзбекистонга оид бўлган қўлёзмалар билан танишдик. Алишер Навоий ҳаётлиги даврида 1485 йили кўчирилган қўлёзманинг рангли нусхасини олиб келишга эришдик. Ушбу қўлёзма –  “Бадоеъ ал-бидоя” девонини Навоий давридаги жуда машҳур хаттотлардан бири Султонали Машҳадий кўчирган. Ҳозиргача илм-фанда бу девоннинг бешта нусхаси аниқ эди. Уларнинг ҳаммаси Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилган, деб ҳисобланарди. Беш девоннинг ёнига энди олтинчиси асарнинг Истанбул нусхаси қўшилди. Истанбул нусхасининг муҳим жиҳатларидан бири бу, биринчидан, у Султонали Машҳадийдек жуда машҳур хаттот томонидан кўчирилгани бўлса, иккинчидан, Алишер Навоийнинг ўзи ҳаёт бўлган даврда Ҳиротда кўчирилган. Чунки 1485 йилда Алишер Навоий ўзининг “Хамса“ асарини ёзиб тугатаётган ва худди шу даврда бу қўлёзма Ҳиротда кўчирилгани боис, бу қўлёзмани Алишер Навоийнинг ўзи кўргани эҳтимоли жуда катта.

- Марказ томонидан илмий тавсифлардан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланган “Ўзбекистонга оид хорижда сақланаётган маданий бойликлар реестрини яратиш, нодир қўлёзма асарларнинг факсимилесини нашр этиш” лойиҳаси доирасида "UzCulture" электрон реестр дастури ишлаб чиқилаётган экан. Ушбу дастурнинг афзаллиги нимада?

- Марказ Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликлар ҳақидаги маълумотларни аниқлаш ва тўплашда юртимиз ҳамда хориждаги турли нашрлар, хусусан, мақолалар, рисолалар, каталоглар, маданий бойликларимиз сақланаётган муассасалар веб-сайтидан фойдаланмоқда. Мазкур манбалардан чет элда сақланаётган мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси – реестрини яратиш, уни мунтазам янгилаб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги кунга қадар бу борада муайян илмий тадқиқотлар олиб борилди. Ўзбекистонга оид маданий бойликлар – қўлёзма, миниатюра, безак-тақинчоқ, нақш, сурат, турли осори-атиқалар, чолғу асбоблари, фотосуратлар аниқланди ва уларнинг илмий тавсифи тузилди. Маданий бойликларнинг деярли ярмини қўлёзма манбалар ташкил этади. Ушбу манбалар Имом Бухорий, Абу Наср Форобий, Абу Абдуллоҳ Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Абу Исо Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулҳамид Кеший каби буюк мутафаккирлар қаламига мансуб. Шунингдек, Амир Темур ҳақида ва темурийлар даврига оид асарлар, Камолиддин Беҳзоднинг 50 дан ортиқ миниатюрасининг тавсифи ҳам ўрин олган.

   Биз ўз фаолиятимизда Марказ томонидан тайёрланган реестрдан ҳамкор муассаса ва ташкилотларга юртимизга биринчи навбатда олиб келиниши лозим бўлган маданий бойликларни танлашга оид таклиф киритиши борасида мурожаат қилдик. Мурожаатимизга жавобан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бошқа муассасалар томонидан 251 маданий бойлик (194 қўлёзма, 11 миниатюра ва 46 осори-атиқа) тавсия этилди. Марказ ушбу таклифларни ўрганиб чиқиб, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби буюк аждодларимиз асарлари қўлёзмалари борасидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратди ва баъзиларини олиб келишга муваффақ бўлди. Хусусан, Ўмон Султонлигининг Масқат шаҳридаги “Дор ал-махтутот ва ал-васоиқ” – Қўлёзмалар ва ҳужжатлар уйида сақланаётган Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” қўлёзмаси ва шу асарнинг Татаристон Фанлар академияси Г. Ибрагимов номидаги Тил, адабиёт ва санъат институти Ёзма ва мусиқий мерос маркази қўлёзмалар фондидаги қўлёзмасининг рангли электрон нусхалари олиниб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ҳадя этилди.

    Бундан уч йил олдин Ўзбекистонга оид маданий бойликлар ҳақида маълумотлар йиға бошлаган эдик, натижада ҳозирги кунда 6,5 мингдан  ортиқ маданий бойликларнинг реестри, яъни маълумотлар базаси яратилди. Мазкур маълумотлардан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида маълумотларни электрон реестрга киритиш учун  учун янги тартиблар ишлаб чиқилди ва улар 5 та йўналишда мужассам бўлди: қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, миниатюралар, моддий маданий буюмлар, нумизматика.

    Ҳозирги кунга қадар Ўзбекистонга оид бўлган қўлёзмалар реестрининг 1-томи нашрга тайёрланди. 417 бетдан иборат бу китобда 30 дан ортиқ мамлакатдаги 52 та шаҳар, 97 та ташкилотда мавжуд бўлган қўлёзмаларни жамладик. 1001 та қўлёзманинг тавсифи киритилган ушбу тадқиқотга имкон қадар бутун дунёда ардоқланаётган қўлёмаларни жамлашга ҳаракат қилганмиз. Бу нашрга Алишер Навоий ҳазратларининг қўлёзмалари, Имом Бухорий, Имом термизий, Имом Мотурудий, Абу али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний,  Бобур Мирзо, Улуғбек Мирзо каби алломаларимизнинг асарлари, қўлёзмалари ўзбек, инглиз ва рус тилида киритилган. Маданий меросимиз чет элга чиққанидан кейин бизнинг маданий бойлигимизга айланади.

    Биз хорижга амалга оширган илмий сафарларимиз асносида турли илмий муассаса ва кутубхоналар билан ҳамкорлик меморандумларини имзоладик. Натижада илмий ҳамкорликнинг дастлабки қадамлари сифатида ҳозирги кунга қадар 35та қўлёзманинг электрон рангли нусхасини олишга муваффақ бўлдик. Бу ерда бир нарсани алоҳида зикр этиш керак ана шу 35 та қўлёзмадан биттисигина сотиб олинди Бу Имом Бухорийнинг “Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг Оксфорддаги Бодлиан кутубхонасидаги нусхадир. Қолган нусхалар бепул тақдим этилгани боис тахминан 2 миллиард сўм атрофидаги маблағ тежаб қолинди. 

      Мазкур лойиҳа доирасида 2022 йилнинг охирига келиб биз электрон реестрни ўзимизнинг сайтимизга жойлаштиришни режалаштирганмиз. Биз фаолиятимиз аввалида 3 йил давомида 800 та қўлёзмани ўрганиб топширишни режалаштирган эдик. Буни қарангки, биринчи йилнинг ўзида 1001 та қўлёзмани тадқиқ этиш ва нашрга тайёрлашга эришдик эришдик.

- Жорий йилнинг 21 апрель Президентимизнинг   “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу қарорда   Ҳазрат Алишер Навоийнинг шогирди, “Шарқ Рафаэли”, улуғ мусаввир ва миниатюрасоз Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини жорий йил октябрь ойида мамлакатимизда кенг нишонлаш борасида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар белгилаб берилган. Хорижда Камолиддин Беҳзоднинг асарлари борми?

- Президентимизнинг ушбу қарорида тасвирий ва амалий санъат соҳаларида миллий меросимизни тиклаш, Камолиддин Беҳзоднинг бой ижодий меросини халқимизга тўла етказиш борасида муҳим вазифалар белгиланган. Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари асарларини ўрганиш ҳамда уларни хориждаги музей ва архивлардан юртимизга олиб келиш бўйича Марказимизга муайян вазифалар топширилган. Қарор доирасида Марказимиз раҳбарлигида республикадаги бир неча ташкилотлар ҳамкорлигида, хусусан, Ўзбекистон Бадиий академияси, Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Марказимиз ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Ушбу ишчи гуруҳ “Хорижда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси доирасида ўз фаолиятини бошлади ҳамда Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари асарлари сақланаётган ташкилотлар билан Англашув меморандумлари тузишни режалаштирган .  

- Хорижда кечган илмий изланишларингиз давомида олимлар ва тадқиқотчилар Ўзбекистонда кечаётган бугунги илмий-таҳлилий жараёнларга қандай муносабат билдиришди?   

- Делегациямиз аъзолари - Афтондил Эркинов, С. Муҳаммадаминов, Жаннат Исмоилова, Комила Бекова, З. Шарипов, А. Тўрахўжаев, Б. Анвароваларлар билна 2019 йилнинг сентябрь ойларида Туркия Республикасининг Анқара ва Истамбул шаҳарларида бўлдик. Хизмат сафари асносида делегация аъзолари Туркия Маданият вазирлиги қошидаги маданий бойликлар ва музейлар бош бошқармаси, Онадўли тамаддунлар музейи, Турк тили ташкилоти, Миллий кутубхона, Туркия қўлёзма асарлар ташкилоти, Турк-ислом асарлари музейи  каби бир неча  эътиборга молик масканларда сақланаётган Ўзбекистонга оид маданий бойликлар билан танишдилар. Отатурк номидаги маданият, тил ва тарих олий ташкилоти таркибидаги турк тили ташкилотида бўлган учрашувимизда мазкур ташкилот раҳбари профессор Гурер Гюлсевин Ўзбекистонда бўлаётган илмий-таҳлилий ўзгаришларга юқори баҳо бериб, Марказимиз томонидан уч (ўзбек, инглиз, рус) тилда нашр этиладиган илмий тадқиқотларга тўртинчи тил – турк тилини қўшган ҳолда чоп этиш таклифини киритди.  Сафар давомида ўтказилган барча учрашувларда Туркия томон вакиллари алломаларимиз номларини ҳурмат билан тилга олиб, олам илм-фани, жумладан, Туркиянинг ҳам илмий ривожи илдизи айнан ўзбек заминидан  келганини қайта-қайта таъкидлашлари бизга жуда катта ғурур ва ифтихор бахш этди.

    2018  йил май ойида “Москва Кремли” давлат тарих-маданият музей-қўриқхонасида бўлганимизда музей директори  Наталья Афанасьева  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлар, айниқса, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни ўрганишга катта эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовор  эканлигини, бундай Марказ ҳали ҳеч бир давлатда ташкил этилмаганини ҳаяжон билан таъкидлаб ўтди.

   Россия давлат кутубхонаси директори Н. Самойленко эса учрашувимизда Шарқ тилларидаги қўлёзмаларни тавсиф қилиш юзасидан мутахассислар йўқлиги сабабали муайян қийинчиликлар юзага келаётгани, араб алифбосидаги мазкур қўлёзма асарларнинг каталоглари ҳали тузилмагани, бу асарлар ҳақида фақатгина қисқа регистрацион қайдлар мавжудлиги ва шу боис ҳам Марказнинг ҳамкорлик таклифи айни муддао бўлганлигини қайд этди. Бош директор ўринбосари Н. Молчанов кутубхонада 690 мингдан ортиқ нодир китоблар, қўлёзмалар ва ҳужжатлар мавжудлигини ва уларнинг 100 га яқини араб, форс ва туркий тиллардаги қўлёзмалар эканлигини таъкидлади.

    Ҳар бир учрашувимиз юксак эътирофлар, таклифлар ва музокараларга бой эканлиги билан биз учун қадрлидир. Суҳбатимиз сўнгида сафарларимиз давомида бизга завқу шижоат, куч-ғайрат ва ғурур бахш этган бир ҳақиқатни айтиб  ўтмоқчиман: Ўзбек заминида етишиб чиққан алломаларнинг мероси вақт ўтгани сайин янада юксак аҳамият касб этиб, бутунжаҳон илм-фани намояндалари эътиборини ўзига кўпроқ жалб  этиб бормоқда.      

 

 

 

                                                                                                                                                             Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.


14.07.2020     269