“ЕВРОСИЁ ХАЛҚЛАРИ ОИЛА ЭТНОМАДАНИЯТИ (ХХ аср)” факсимил фотоасарлар кўргазмаси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази (Марказ) 2018 йилда Буюк Британия ва Россия Федерациясидаги марказлар, кутубхоналар ва музейлар билан ўзаро ҳамкорлик юзасидан тегишли ҳужжат – Англашув меморандумларини имзолади ва улар асосида самарали фаолият олиб бормоқда.

Марказ Россия этнография музейи билан имзолаган “Англашув меморандуми” доирасида 2018 йил 29 ноябрь-1 декабрь кунлари Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий академияси, Россия этнография музейи, Ўзбекистон Давлат тарихи музейи ва “Ўзархив” агентлиги билан ҳамкорликда “Евросиё халқлари оила этномаданияти (ХХ аср)” номли факсимил фотоасарлар кўргазмасини ўтказди.

Кўргазмада намойиш этилган фотоматериаллар ранг-баранг ҳамда қизиқарлидир. Уларда оила ҳаёти, асосан, миллий ва этник маданият, оилавий меҳнат, тарбия, авлодлар муносабати, ижтимоий институтлар – тўй, сайил, байрам ва бошқаларларга бағишланган фотосуратлар воситасида намойиш этилган. Фотосуратларда муҳрланган лаҳзаларда турли халқлар оилалари анъаналаридаги умумийлик ва ўзига хосликларни кўриш мумкин.

Кўргазма ушбу ҳудуддаги турли халқларнинг анъанавий маданияти ҳақидаги билимларни кўпайтиришга имконият яратади, ҳамда миллий оила тарихидаги такрорланмас ва хос жиҳатларни ҳис этишга йўл очади.

Кўргазмада уни тайёрлашга ҳисса қўшган мутасадди ташкилотлар – Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Давлат тарихи музейи ва “Ўзархив” агентлиги – ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Российский центр науки и культуры вакиллари ва бошқалар иштирок этдилар.

Кўргазма фаолият олиб борган кунлари уни 600 дан ортиқ санъат ихлосмандлари келиб кўрдилар ва ўз фикрларида ушбу тадбир халқлар ўртасидаги дўстликни кучайтиришдаги тарбиявий аҳамияти юксаклиги ва, айниқса, тарихий воқеликни акс эттиришда муҳим эканлигига урғу бердилар.

Хусусан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти ўқитувчиси, рассом-график, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Акром Баҳромов: “Кўргазма менга жуда ёқди. Оддий томошабин сифатида ҳам, рассом сифатида ҳам жуда қизиқ, керакли, фойдали кўргазма деб ҳисоблайман” – деб таърифлаган.

Мазкур институтнинг китоб графикаси мутахассислиги бўйича 4 курс талабаси Эльмира Отажонова ва 3 курс талабаси Аваз Абдурашидов ўз фикр-мулоҳазаларини қуйидагича баён этганлар: “Фотографии очень интересны и они отражают историю народов, их традиции и очень полезный материал, нам очень важно знать и видеть для исследования и изучения по нашей специальности”.

Фотопублицист Абдуғани Жуманинг таассуроти эса: “Кўргазма айни муддао, бу иш ниҳоятда улуғ! Фотографиялик бевосита тарихни ва унда кўплаб маънавий, маиший, этнографик, қолаверса бадиий қимматни кўриш мумкин” сўзларида акс этган.

Профессионал фотосуратчи Маргарита Константинова фикри: “Kўргазмадаги фотосуратлар ХХ аср бошидаги ҳаётни бугунги замонавий ҳаёт билан солиштириш имконини беради; Шарқ ва Ғарбда маданият қандай ривожланганлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради. Бу суратлар ушбу маданиятнинг ХХ аср бошидаги хусусиятларини акс эттиради. Уларда суратга тушувчилар асосан табиий ҳолатда берилган. Оддий одамларнинг маиший ҳаёти кўрсатилган, уларнинг юзларида табиийлик бор”.

Яна бир маҳоратли, профессионал фотосуратчи Ҳусниддин Ато назарича, “Kўргазмада ноёб суратлар жам қилинган ва намойиш этилган ҳамда унда Ўзбеклар ҳаёти қизиқарли кўрсатилган”.

Тошкет вилояти, Зангиота тумани 13-сон БМСМ тасвирий санъат коллежи ўқитувчиси, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Шарофат Собирова: “Ман фотокўргазмани томоша қилдим, жудаям таассуротли кўргазма бўлибди... Ўқувчиларимни ҳам олиб келишни ташкил қиламан, ёш авлод вакиллари ҳам бу ажойиб кўргазмани кўриб ўзларига керакли маънавий озуқа олишади деб ўйлайман... Бу кўргазмани ташкил қилган ташкилот мутахассисларига каттадан-катта раҳмат” – деб ўз таассуротини баён қилган.

Мактабгача тарбия муассасаси мусиқа раҳбари Хатима Магдиева: “Посетила фотовыставку, получила большое удовольствие, вспомнила своих родителей, которые жили в Татарии, затем переехали в Ташкент...” сўзлари билан дилидаги гапларни ёзган.


01.12.2018     547