Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига 34 та қўлёзманинг рангли электрон нусхалари тақдим этилди

Аждодларимиз маънавий меросига оид хорижда сақланаётган маданий бойликлар Ватанимиз асрлар оша нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳон цивилизацияси тарихида буюк ўрин тутганлигидан далолатдир. Ушбу маданий бойликлар Ер шарининг барча қитъалари – Америка, Африка, Европа, Осиё ва ҳатто Австралияда мавжуд. Ушбу меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва уни келгуси авлодларга етказиш масалалари алоҳида эътиборга молик вазифадир.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси маданий бойликларимиз, хусусан, аждодларимиз мероси, қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари борасида сўнгги йилларда қабул қилинган қатор Қарор ва Фармойишларда ўз аксни топди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида” 2017 йил 20 июндаги ПҚ–3074-сон қарори айни шу масалаларни ҳал қилишга қаратилган. Уларда асосий вазифалар сирасида чет элларда сақланаётган, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси – реестрини яратиш ва уни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, ана шу тарихий экспонатларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш, тегишли илмий марказлар билан биргаликда илмий тадқиқотлар ишларини мувофиқлаштириш... фаолият йўналиши бўйича хорижий давлатлардаги музей ва фондлар, архивлар, илмий-маданий муассасалар билан ўзаро маданий алоқаларни йўлга қўйиш, турли анжуманлар, конференция ва кўргазмалар ташкил этиш... белгиланган.

Марказнинг самарали фаолиятини ташкил этиш ва Қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йилнинг 21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази (Марказ) томонидан чет элларга амалга оширилган илмий хизмат сафарлари асносида юртимизга олиб келинган қўлёзмаларнинг рангли электрон нусхалари Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига тақдим этилди.

2019 йилда Туркия Республикаси ва Германия Федератив Республикасига амалга оширилган илмий хизмат сафарлари давомида мамлакатимиз алломалари қаламига мансуб маблағ сарфланмай олиб келинган қўлёзмаларнинг рангли электрон нусхалари 24 тани ташкил этди. Шунингдек, 2018 йилда Марказ томонидан Буюк Британия, Ўмон Султонлиги ва Татаристон Республикасида сақланаётган Имом ал-Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” қўлёзмасининг электрон нусхалари, Франция миллий кутубхонасидан 7 та қўлёзманинг электрон нусхалари олинди. Ушбу қўлёзмалар Марказ томонидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига тақдим этилди.


21.02.2020     256