Халқаро ҳамкорлик

       2018 йилнинг 27 февраль – 7 март кунлари Ўзбекистон делегацияси таркибида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази (Марказ) директори Р.Баҳодиров Буюк Британияда хизмат сафарида бўлди.

   Хизмат сафари асносида Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Оксфорд университети фан тарихи музейи, Оксфорд университетининг Бодлеан кутубхонаси ва Сент Джонс колледжи, Оксфорддаги Ашмолеан музейи, Виктория ва Альберт музейи, Британия музейи, Кембриж университети, Кембриж университети кутубхонаси, Фитцвилльям санъат ва қадимги давр музейи, Ҳиндистон ва Эроннинг қадимий мероси фонди, Британия кутубхонаси, Лондон марказий масжиди ҳузуридаги Ислом маданият маркази, “ал-Фурқон” фондида Ўзбекистога оид Буюк Британияда сақланаётган маданий бойликлар, хусусан, осори атиқалар ва қўлёзмалар билан танишди ҳамда ўзаро ҳамкорлик борасида келишувларга эришди.

       Хизмат сафарининг самараси сифатида қуйидагиларни зикр этиш лозим:

   1. Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фархан Низомий 2018 йилнинг 15 март куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг янги биноси танталарида қатнашиши асносида Марказ билан Англашув меморандумини имзолади.

   2. Оксфорд университетининг Бодлеан, Лондондаги Британия музейи, Британия кутубхонаси, Виктория ва Альберт музейи билан ҳамкорликнинг дастлабки қадамлари қўйилди ва ўзаро ҳамкорликни амалга оширишга розилик олинди.

  3. Марказ Кембриж университети кутубхонаси билан унинг фондида сақланаётган туркий тиллардаги қўлёзмалар фиҳристи (каталог)ни тузишда ҳамкорликни амалга оширишга келишди.

  4. Кембриж университети, Британия музейи ва Британия кутубхонаси билан Марказ ёш ходимларининг малакасини ошириш борасида принципиал келишувга эришилди.

  5. Хизмат сафари натижасида Британия кутубхонаси, Британия музейи, Виктория ва Альберт музейи, Кембриж университети кутубхонаси каби муассасалардан қўлёзма ва осори атиқага оид янги маълумотлар олинди ва Марказ реестрига киритилди.


15.03.2018     1253