Бугун туғилган кун

Бугун туғилган кун

 

30 январь (хотира)

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Маълумоти - олий. Ўрта Осиё Политехника ва Тошкент Халқ хўжалиги институтларини тугатган. Муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликларига эга. Иқтисод фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаган.

1961 йилдан 1966 йилгача В.П.Чкалов номидаги Тошкент Авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади.

1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди.

1983 йилда И.Каримов Ўзбекистон ССР Молия вазири, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди.

1986-1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби, 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби лавозимларида ишлади.

1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида И.Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди.

1991 йил 31 август куни И.Каримов тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди.

1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

1995 йил 26 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра, И.Каримовнинг президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди.

2000 йил 9 январда муқобиллик асосида ўтган сайлов натижаларига кўра, Конституцияга киритилган ўзгаришларга мувофиқ, И.Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

2007 йил 23 декабрида муқобиллик асосида ўтган сайлов натижаларига кўра, И. Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

2015 йил 29 март куни муқобиллик асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра, Конституцияга киритилган ўзгаришларга мувофиқ, Ислом Каримов 5 йиллик муддатга мамлакатнинг олий лавозимига сайланди.

И.Каримов суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони, "Мустақиллик" ва "Амир Темур" орденлари билан тақдирланган.


Шунингдек, у бир қанча хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг орден-медаллари билан ҳам мукофотланган.

И.Каримов Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси. Айни вақтда у иқтисод, фан, таълимни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун кўпгина хорижий мамлакатлар университет ва академияларининг фахрий фан доктори ҳамда академиклигига сайланган.

Ўзбекистон халқи истиқлол йилларида эришилган салмоқли ютуқларни ҳақли равишда И.Каримов номи ва фаолияти билан боғлайди.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни, 78 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди.

У 2016 йил 3 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида дафн этилди.


Қабр ва ёдгорлик мажмуаси Самарқандда жойлашган. Тошкентда Биринчи Президент ҳайкали ва музейи очилди.

 

Манба: ЎзА


30.01.2020     1800