“ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД ХОРИЖДАГИ ҚЎЛЁЗМА АСАРЛАР РЕЕСТРИ. ТОМ 1” китоби чоп этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев доимий равишда аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва уни биринчи навбатда халқимизга ҳамда жаҳон аҳлига етказишга катта эътибор қаратмоқда.

Инсоният учун маданий бойликка айланган манбалар – аждодларимизнинг асарлари нафақат Республикамизда, балки жаҳоннинг турли қитъаларида мавжуд. Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказининг ташкил этилиши маънавий меросимизнинг умумбашарий маданий бойликлар сирасида тутган ўрнини тадқиқ этишга янги имкониятлар яратди ва ушбу соҳани янада юқори поғонага кўтарди.

Марказда олиб борилаётган тадқиқотлар маданий бойликларимиз бир неча юз йилликлар мобайнида Ер шарининг барча қитъалари Америка, Африка, Европа, Осиё ва Австралияга тарқалгани ҳамда у ерда эъзозланиб сақланаётганини кўрсатди. Бугунги кунда ушбу мерос инсониятнинг маданий бойликлари сифатида жаҳоннинг 40 дан ортиқ мамлакатдаги турли илмий муассаса, музей, архив, кутубхона ва жамғарма ҳамда хусусий жамламалардан ўрин олган.

Юртбошимизнинг ушбу йўналишда олимлар олдига қўйган вазифаларнинг амалий ижроси борасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказининг дастлабки илмий маҳсули, аждодларимизнинг хориждаги ёзма меросини жамлаган ва 496 бет ҳажмдаги манба – “ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД ХОРИЖДАГИ ҚЎЛЁЗМА АСАРЛАР РЕЕСТРИ. ТОМ 1” чоп этилди.

Тадқиқот “Ўзбекистонга оид хорижда сақланаётган маданий бойликлар реестрини яратиш, нодир қўлёзма асарларнинг факсимилесини нашр этиш” лойиҳаси доирасида тайёрланган бўлиб, ундаги маълумотлар ўзбек, инглиз ва рус тилида 30 мамлакатдаги 52 шаҳарнинг 97 ташкилотида сақланаётган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Наср Форобий, Абу Абдуллоҳ Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Мансур Мотуридий, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур каби 150дан ортиқ буюк аллома ва мутафаккирлар ҳамда Амир Темур ва Темурийлар даврига оид қўлёзма асарлар 1001 та нусхасининг илмий тавсифидан иборат.

Марказда тайёрланаётган электрон реестр учун тўпланган 8000 дан зиёд маданий бойликдан тахминан 44 фоизини алломаларимизнинг қўлёзма асарлари ташкил этади. Биринчи томга киритилган 1001 та илмий тавсиф қўлёзма асарларга оид жамланган маълумотларнинг учдан бир қисмини қамраб олгани боис, Реестрнинг навбатдаги томлари ҳам нашрга тайёрланмоқда.

 

 

 


24.03.2021     54