“Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри. Том 1” китоби Тожикистонда тақдим этилди

 

Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Тожикистон Миллий кутубхонасида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази кўмагида нашр этилган «Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри. Том 1» китобининг  тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тақдимот аввалида Тожикистон Миллий кутубхонаси директорининг ўринбосари Гадобек Маҳмудов билан мулоқот бўлиб ўтди.  Учрашув давомида  икки мамлакат кутубхоналари ўртасида алоқаларни  фаоллаштириш, ҳамкорликда адабий кечалар ташкил этиш, ўзбек адабиёти вакилларининг Тожикистонга, тожик адабиёти намоёндаларининг Ўзбекистонга ижодий сафарлари юзасидан фикр алмашилди.

«Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри. Том 1» китоб тақдимоти чоғида ушбу рисоланинг яратилиш тарихи ҳақида батафсил  маълумот берилди.

Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази «Ўзбекистонга оид хорижда сақланаётган маданий бойликлар реестрини яратиш, нодир қўлёзма асарларнинг факсимилесини нашр этиш» мавзусидаги илмий лойиҳа доирасида чет мамлакатларда сақланаётган юртимизга оид қўлёзмалар ҳақидаги илмий тадқиқотларнинг дастлабки қисмини ўз ичига қамраб олган ушбу китобда дунёнинг турли мамлакатларида сақланаётган 1001 та қўлёзма асар ҳақидаги маълумотлар киритилгани тожик томонида катта қизиқиш уйғотди.

Тожикистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари Гадобек Маҳмудовнинг таъкидлашича, катта меҳнат сарфланган ва ёзма манбалар асосида тузилган ушбу китоб тарихчи олимлар, тарихни севадиган ёшлар учун катта бойликдир. Унга кўра, китоб нафақат Ўзбекистон олимлари, балки бутун Марказий Осиё мамлакатлари тарихчилари учун муҳим аҳамиятга эга.

«Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон маданий меросини чуқур ўрганиш ва уни умумбашарий маданий бойликлар сирасида тутган ўрнини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур китоб нашри фикримиз исботидир», - деди Г.Маҳмудов.

 

 

Манба dunyo.info


24.06.2021     466