ОСИЁ АРАБШУНОСЛАРИНИНГ I ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯСИ

 

Мазкур конференцияда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори, арабшунос, фалсафа фанлари доктори, профессор Роиқ Баҳодиров иштирок этди.

Р. Баҳодиров конференция мақсади, делегация иштирокининг натижалари борасида маълумот берди.

2019 йил 9-12 апрель кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг пойтахти ар-Риёз шаҳридаги мазкур мамлакат Тадқиқотлар ва маърифий алоқалар маркази томонидан ташкил этилган Осиё арабшуносларининг I халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Тадқиқотлар ва маърифий алоқалар маркази раҳбарияти таклифига биноан конференцияда Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори А.Абдуҳалимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори Р.Баҳодиров, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори У.Уватов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқув ишлари бўйича проректори И.Усманов ҳамда ушбу академиянинг кафедра мудирлари З.Мунавваров, З.Арипова ва М.Насировадан иборат делегациямиз иштирок этди.

Конференциянинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Тадқиқотлар ва маърифий алоқалар марказининг директори Яҳьё Маҳмуд ибн Жунайд Осиё арабшунослигининг сўнгги вақтлардаги ҳолати борасида сўз юритиб, ҳозирги кунда Европа арабшунослари араб тилини ўрганиш ва тарғиб қилиш, араб мамлакатлари тарихи, маданияти ҳамда ислом уйғониш даврини тадқиқ этишдаги ўзларининг илмий ишлари билан олдинлаб кетганликларини зикр этди. Конференцияни ташкил этишдан мақсад Осиёда муҳим аҳамият касб этувчи ўзаро маърифий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, минтақа арабшуносларининг келажакда ҳамкорликда тадқиқотлар олиб боришлари учун замин ва шарт-шароитлар яратиш, уларнинг хизматларини муносиб баҳолаш каби масалаларни амалиётга татбиқ этиш давр талаби эканлигига урғу берди.

Мазкур конференциядаги иштирок Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг маърузаларида ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис мактаби, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани, араб тилига катта эътибор берилаётгани ва ушбу тилда ёзилган манбаларни илмий асосда ўрганишнинг моҳияти нақадар муҳим эканлиги, хусусан, давлатимиз раҳбари айтганларидек: “... цивилизацияга асосланган нуқтаи назардан бу ҳақиқатда буюк ерлигини асослаб берадиган манбаларини баралла айтишимиз керак... ёшлар ва халқимизга уларнинг онги етадиган тилда, замонавий тилда айтиш керак”лигига алоҳида тўхтаб ўтилди.

Мазкур маърузаларда диёримизда арабшунослик ўрта асрлардан бери то шу кунга қадар мавжудлиги, унинг ривожланишига ҳисса қўшган алломалар ва илм аҳлининг фаолияти ёритилди. Хусусан, араб тили ўрта асрларда минтақамизда илм тили бўлгани ва ўз даврининг ҳар бир зиёли инсони уни мукаммал эгаллагани, илмий асарларини ушбу тилда ёзгани ҳамда инсоният цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз хусусида сўз юритдилар. Бу борада IХ-XII асрларда Шарқда буюк алломаларимиз Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино ва бошқаларнинг диний ва дунёвий илмлар ривожланишига қўшган ҳиссасини баён этиб, уларнинг ўша давр илм тили – араб тилида ёзган асарларининг ўрни, қиммати ва мазмун-моҳиятини ёритдилар.

Айни пайтда ўрта асрларда илмлар ривожланишининг муҳим жиҳати – илмлар таснифи масаласини ва унга Шарқда ушбу йўналишга асос солган ҳамда мукаммал тарзда ишлаб чиқилишига алоҳида аҳамиятга молик асарлар соҳиблари Абу Наср ал-Форобий, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий, Абу Али ибн Синонинг инсоният илмий фаолияти ҳамда цивилизациясидаги ўрни очиб берилди.

Шу билан бирга республикамиз олий ўқув юртлари ва таълим даргоҳларида араб тили ўқитилишининг XIX аср ўрталаридан то ҳозирги кунгача қўлланилаётган услуб, метод ва дастурлари билан конференция иштирокчиларини таништирдилар. Барча маърузалар муваффақият эришиб, уларга “Конференция журнали”да ижобий баҳо берилди.

Конференция асносида унинг ташкилотчилари томонидан барча иштирокчилар, жумладан, Ўзбекистон делегацияси аъзоларига маърузаларининг тезислари нашр этилган тўплами тақдим этилди.

Конференциянинг якунида унинг ташкилотчилари ташаббуси билан таркибида Ўзбекистон ва турли мамлакатлар вакиллари бўлган ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган “Конференция тавсиялари” иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Мазкур тавсиялар сирасида “Осиё арабшунослари уюшмаси”ни тузиш ва унинг қароргоҳи этиб, Саудия Арабистонининг ар-Риёз шаҳридаги Тадқиқотлар ва маърифий алоқалар марказини белгилаш таклифи ўрин олган.

Шунингдек, уюшманинг мақсадлари қаторида қуйидаги тавсиялар ўрин олди:

- Осиё арабшуносларининг ўзаро алоқаларини фаоллаштириш;

- Осиё арабшуносларининг маърифий нашрларига ҳисса қўшиш;

- Саудия Арабистонида Осиё арабшунослари уюшмасининг барча давлатлардаги аъзолари томонидан араб тилида ёзилган илмий тадқиқотларни ўз ичига олган нашрни ташкил этиш;

- I халқаро Осиё арабшунослари конференциясидаги маърузаларни муҳокамадан ўтказгач, муносибларини “Осиё арабшунослари журнали”да нашр этиш;

- Конференцияни доимий тарзда ҳар икки йилда бир марта ихтиёрий тарзда танланган Осиё давлатларидаги шаҳарлардан бирида ўтказиш;

- Араб ва Осиё давлатларининг ўзаро алоқалари ва маданиятига хизмат қилувчи араб ҳамда мазкур давлатларнинг расмий тилларига қилинадиган таржималарни қўллаб-қувватлаш;

- Осиё арабшуносларининг муштарак тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги раҳбарияти томонидан қўлланилаётган Конференция ташкилотчиларининг асосий мақсадлари сифатида Осиё минтақасидан тадбирда иштирок этган Ўзбекистон, Хитой, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби 18 давлатда араб тилининг янада кенг тарқалиши ва ўрганилиши ҳамда араб тили орқали мазкур мамалакатларда араб маданияти, хусусан, Саудия Арабистонининг сиёсий, иқтисодий ва маърифий соҳалардаги алоқаларини янада фаоллаштириш эканлиги кўринмоқда. Бу борада “Файсал илмий журнали” бош муҳаррири Абдуллоҳ Нуъмон ал-Ҳож ўзбекистонлик олимлар илмий тадқиқотларининг араб оламига таниш бўлмаган натижаларининг араб тилидаги вариантларини нашр этиш юзасидан таклифини ушбу нашрлар икки давлат ўртасидаги ўзаро илмий алоқаларнинг ривожлинишида катта аҳамият касб этиши сифатида қабул қилиш мумкин.

Конференцияда делегациямиз иштирокининг натижалари сифатида қуйидагиларни зикр этиш жоиз:

- Республикамиз Раҳбарияти томонидан Ўзбекистон олимлари, хусусан, арабшунослари олдига араб тилини мукаммал ўрганиш ва араб тилидаги қўлёзма манбаларни ҳозирги замон талаблари ҳамда ёшларимизни мазкур илмий ютуқлар билан таништиришга жавоб берувчи ҳолда тайёрлаш борасида қўйилаётган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда, яъни Ўзбекистонга араб тилини ўқитиш ва уни эгаллаганларнинг малакасини оширишга Саудия Арабистони Подшоҳлиги олимларининг инновацион усулларидан истифода қилишга қулай шароит бўлиши мумкинлиги;

- Осиё арабшуносларининг I халқаро конференциясида Ўзбекистон делегациясининг иштироки ва араб тилини ўқитиш ҳамда қўлёзма манбалар асосида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар натижаларини Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Осиё қитъасидан мазкур тадбирда иштирок этган мамлакатлар олимлари ҳамда вакилларига етказишда фойдали бўлганлиги;

- Осиё арабшуносларининг навбатдаги халқаро конференцияларида фаол иштирок этишимиз араб мамлакатлари, хусусан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожланишига имконият яратиши.

Ўзбекистон делегациясининг Осиё арабшуносларининг I халқаро конференциясида иштироки республикамизда араб тилини ўқитиш, илмий тадқиқотлар асосида эришилган натижаларни кенг тарғиб қилиш, мухтасар қилиб айтганда, араб мамлакатлари билан алоқаларни янада самарали ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин


26.04.2019     3572