Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида” 2017 йил
20 июндаги ПҚ–3074-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, “Ўзархив” агентлигининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди ҳамда Марказ ташкил этилди.

     Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

- миллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, чет элларда сақланаётган, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси — реестрини яратиш ва уни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, ана шу тарихий экспонатларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш, тегишли илмий марказлар, хусусан, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориб, эришилган натижаларни илмий муомалага киритиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш;

- фаолият йўналиши бўйича хорижий давлатлардаги музей ва фондлар, архивлар, илмий-маданий муассасалар билан ўзаро маданий алоқаларни йўлга қўйиш, турли анжуманлар, конференция ва кўргазмалар ташкил этиш;

- чет мамлакатларда сақланаётган маданий бойликларни юртимизга қайтариш юзасидан музокаралар олиб бориш ва зарур чора-тадбирлар кўриш, бу борада халқаро миқёсдаги илғор тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш;

- маданий бойликларнинг олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ва самарали бажарилишини таҳлил қилиш, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, халқаро шартномалар ва умумэътироф этилган нормаларни миллий қонунчилигимиз нуқтаи назаридан атрофлича ўрганиш;

- хориждаги мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни оммавий ахборот воситаларида, жумладан, глобал Интернет тармоғида кенг ёритиш, улар ҳақидаги библиографик тўпламлар, каталоглар, китоб-альбомлар ва бошқа матбаа маҳсулотларини турли тилларда нашр этиб бориш;

- тўпланган материалларни мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида илмий муомалага киритиш.

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги
ПҚ–3074-сон
қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги 700-сон қарори қабул қилинди.

   Мазкур қарор билан “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази тўғрисидаги низом” ҳамда “Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тўғрисидаги низом” тасдиқланди.